Россия Украинага қарши уруш олиб бориш учун яна икки йилга етарли ресурсларга эга
Россия иқтисодий жиҳатдан заифлашган, аммо Украинага қарши уруш олиб бориш учун ҳали ҳам етарлича ресурсларга эга ва бу ресурслар 2027–2028 йилларгача етиши мумкин. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) раҳбари Олег Иващенко «Укринформ»га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия томонининг асосий муаммолари меҳнат ресурсларининг етишмаслиги, федерал бюджет тақчиллигининг ортиши ва банк тизимидаги вазиятнинг ёмонлашиши билан боғлиқ.
«Шу билан бирга, Украинага қарши уруш олиб бориш учун унинг ҳали ҳам етарлича ресурслари бор. Бу ресурслар 2027 ва ҳатто 2028 йилгача етиши мумкинлигини истисно қилмаймиз. Россияда бундай ресурслар қолмаслиги учун ҳамкорлар билан биргаликда ишлаш зарур. Санкциялар ҳақиқатан ҳам самарали ишлаши керак», — деди Иващенко.
ГУР раҳбари, шунингдек, Россияда аллақачон аҳолининг 60 фоиздан кўпроғи урушга қарши эканини таъкидлади.
«Норозилик кучаяди. Етарлича кучли норозилик салоҳияти шаклланадими-йўқми, айтиш қийин. Аммо аллақачон одамларнинг 60 фоиздан кўпроғи урушга қарши. Бу иқтисодий вазият ва душманнинг катта инсон йўқотишлари оқибатидир. Айтиш мумкинки, Россияда шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилиш модели ўз имкониятларини тугатди», — деди у.
