Токио Япония герби тасвирланган ёдгорликдан норози
Япония Хабаровскда ўрнатилган, совет аскари хризантема эмблемаси — Япония давлатининг рамзини акс эттирган чегара устунини синдираётган ҳолда тасвирланган ёдгорликни олиб ташлашни талаб қилди.
Иккинчи жаҳон уруши якуни ва СССРнинг Япония устидан қозонган ғалабасига бағишланган ёдгорлик 4 сентябрь куни Хабаровскда очилган.
Япония бош вазири Такаити хризантема рамзининг вайрон қилинишини тасвирлаш «мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» эканини ва япон халқи ҳис-туйғуларига дахл қилишини билдирди. Унинг таъкидлашича, хризантема эмблемаси Япония рамзи сифатида кенг эътироф этилган.
Токио Россия томонидан ёдгорликни ўрнатишни тўхтатиш ва уни демонтаж қилишни талаб қилди. Япония ҳукумати уни олиб ташлаш бўйича талабларни давом эттиришини билдирди.
Kyodo маълумотларига кўра, монумент баландлиги тахминан 15 метр бўлган совет аскари ҳайкалидан иборат. Композиция асосида Россия-Япония уруши тугаганидан кейин Сахалинда ўрнатилган чегара устуни образи ётган.
Россия томони устунда тасвирланган хризантемани япон милитаризми рамзи сифатида талқин қилмоқда. Япониянинг Хабаровскдаги бош консулхонаси эса хризантема мамлакатнинг миллий гули ҳамда император ва император оиласининг анъанавий рамзи эканини таъкидлаган.
