Арманистон ва Қозоғистон Пашинян ҳақидаги сохта хабарни рад этди
Қозоғистон ижтимоий тармоқларида Арманистон бош вазири Никол Пашинянга тегишли экани айтилган сохта баёнотлар тарқалди. Уларда Пашиняннинг Арманистоннинг Россия билан муносабатлари, Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик бўйича эҳтимолий референдум ҳамда Озарбайжон билан муносабатлардаги жараёнлар ҳақида гўёки фикр билдиргани айтилган. Айрим хабарларда эса бу баёнотлар Қозоғистонга нисбатан танқид сифатида тақдим этилган.
Арманистон бош вазири аппарати тарқатилган иқтибосларни уйдирма ва дезинформация деб атади. Расмийлар Никол Пашинян ҳеч қачон бундай баёнотлар билан чиқмаганини таъкидлади.
Қозоғистон президенти ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази ҳам хабарларнинг сохталаштирилганини тасдиқлади.
Марказ маълумотига кўра, фейк хабарни тайёрлашда Пашиняннинг 3 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда айтган ҳақиқий жавобидан фойдаланилган. Ўша чиқишда Арманистоннинг давлат қарорларини мустақил қабул қилиши ҳақида сўз борган, бироқ Қозоғистон тилга олинмаган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган версияда эса Пашиняннинг ҳақиқий баёнотига қўшимча жумлалар киритилиб, унинг мазмуни ўзгартирилган.
Арманистон ва Қозоғистон расмийлари фуқароларни бундай хабарларга танқидий ёндашишга ва маълумотларни расмий манбалар орқали текширишга чақирмоқда.
