Британия Украина мудофаасини кучайтириш учун 100 миллион фунт ажратади

Британия Украина мудофаасини кучайтириш учун 100 миллион фунт ажратади

Буюк Британия Украинага қишки даврда мудофаа қобилиятини кучайтириш учун 100 миллион фунт стерлинг, яъни тахминан 135 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Британия ҳукумати маълум қилди.

Маблағ ҳаво мудофаасини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар пакетини молиялаштириш учун йўналтирилади. Унинг таркибига Patriot зенит-ракета тизимлари учун ракеталар ҳам киради.

Британия ҳукумати маълум қилишича, қиш мавсуми давомида Украинага зенит-ракета мажмуалари, йирик калибрли артиллерия снарядлари ва учувчисиз аппаратлар етказиб берилади.

Шунингдек, Лондон Украинага дронлар етказиб беришни давом эттирмоқда. Ҳозиргача Киевга режалаштирилган 120 минг дрондан 25 мингтаси етказиб берилган. Қишга қадар бу кўрсаткични яна ошириш режалаштирилмоқда.

Етказиб берилаётган дронлар орасида дронларни тутиб қолишга мўлжалланган интерцепторлар, разведка ва зарба берувчи учувчисиз аппаратлар ҳам бор.

Бундан ташқари, Британия яқин ойларда Украинага ўн минглаб узоқ масофага мўлжалланган артиллерия снарядларини етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу жараён Германия, Дания, Литва, Нидерландия, Норвегия ва Швециянинг молиявий кўмаги билан амалга оширилади.

Британия ҳукумати ушбу ёрдам Украинага ўз мудофаасини кучайтириш ва қишки даврда эҳтимолий ҳарбий таҳдидларга тайёр туриш имконини беришини таъкидламоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: