Қора денгиз чўққилари халқаро мусобақага мезбонлик қилади

Қора денгиз чўққилари халқаро мусобақага мезбонлик қилади

Туркиянинг Қора денгиз минтақаси сўнгги йилларда халқаро спорт майдонида тобора кўпроқ эътибор қозонмоқда. Баланд чўққилар, тик водийлар, зич ўрмонлар ва тоғ сўқмоқлари бу ҳудудни спортнинг турли йўналишлари учун табиий майдонга айлантирган.

Жорий йилнинг 11–13 сентябрь кунлари ушбу ҳудуд Качкар by УТМБ 2026 мусобақасининг иккинчи нашрига мезбонлик қилади. Ўтган йили Ризе 59 мамлакатдан 1878 спортчи билан бирга ўн минглаб спорт ихлосмандларини қабул қилган бўлса, бу йил 60 дан ортиқ мамлакатдан 2000 дан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда ТГА кўмагида ўтказиладиган ушбу пойга Ризе вилоятининг Чамлиҳемшин ҳудудидаги Качкар тоғларининг тик ва мураккаб йўллари бўйлаб давом этади. Бу шунчаки пойга эмас, балки Қора денгизнинг бетакрор манзаралари бағрида жисмоний ва руҳий бардош синаладиган унутилмас тажрибадир.

Качкар by УТМБ 2026 доирасида мусобақалар тўртта йўналишда ўтказилади: Качкар 100К, Качкар 50К, Качкар 20К ва Айдер 4К. Барча йўналишлар Айдер яйловидан бошланади.

Качкар 100К — иштирокчидан катта чидамлилик, диққат ва қатъиятни талаб қиладиган мураккаб йўналиш. 82 километрга чўзилган пойгада умумий баландлик фарқи 5 600 метрни ташкил этади. Спортчилар тоғ тизмалари ва водийлардан ўтиб, Качкарнинг ўзига хос руҳини акс эттирувчи 12 та тоғ қишлоғини кезиб ўтадилар.

Качкар 50К йўналиши 44 километр масофага чўзилиб, 3 000 метрдан ортиқ баландликка кўтарилади. Йўл давомида иштирокчилар ям-яшил ўрмонлар, Кемер тоғи, шунингдек, 300 йиллик тош уйлари билан машҳур Ҳазиндак ва Самистал яйловларидан ўтадилар.

Качкар 20К да масофа қисқароқ бўлса-да, йўналиш баландлик, тез-тез ўзгариб турадиган об-ҳаво, мусаффо тоғ ҳавоси ва жонли қишлоқ манзаралари билан иштирокчилардан диққат ва пухта тайёргарликни талаб қилади. Айдер 4К эса тахминан 4 километр масофага чўзилиб, 230 метр баландликка кўтарилади ва иштирокчиларга минтақанинг ўзига хос тоғ манзараларини яқиндан ҳис қилиш имконини беради. Шу жиҳатдан у тоғ сўқмоқларида югуришни илк бор синаб кўраётганлар учун айни муддаодир.

Качкар тоғлари: Ер юзидаги “Жаннат”

Шарқий Қора денгиз минтақасида денгизга параллел равишда чўзилган Качкар тоғлари Ризе ва Артвин вилоятлари чегаралари бўйлаб жойлашган. Бу жаннатмакон ҳудуд дунёдаги энг бой биологик хилма-хилликка эга масканлардан биридир. Ўзининг ноёб ёввойи табиати билан эса Туркиянинг энг машҳур очиқ ҳаводаги спорт манзиллари қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.

Качкар тоғлари қишда ҳам ўзига хос жозиба касб этади. Қор ишқибозлари Овит ва Ҳандузу каби баланд яйловларда, мусаффо қиш манзаралари бағрида чанғи учишлари мумкин. Шунингдек, Качкар тоғлари Европанинг ҳелискиинг (чанғи учиш жойига вертолёт орқали чиқиш) бўйича энг яхши масканларидан бири сифатида халқаро миқёсда танилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: