Минг йиллик тарихнинг янги излари: Туркияда ноёб топилмалар аниқланди

Минг йиллик тарихнинг янги излари: Туркияда ноёб топилмалар аниқланди

Минг йиллар давомида турли цивилизацияларга мезбонлик қилган Онадўли замини ўз бағрида улкан тарихий меросни сақлаб келмоқда. Бугун Туркиянинг турли ҳудудларида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар ва қазишмалар натижасида бу кўп қатламли ўтмишнинг янги излари бирин-кетин юзага чиқмоқда.

Қадимий фавворалардан ноёб ҳайкалларгача

Туркияда юксак савияда олиб борилаётган археологик тадқиқотларнинг муҳим марказларидан бири Ўрта ер денгизи минтақасидаги Кўллар ҳудудида жойлашган Бурдур вилоятидир. Бу ердаги қадимий Кибйра ва Сагалассос шаҳарлари минг йиллар аввал бунёд этилган ва ҳануз сув оқиб турган фавворалари билан машҳур. Сўнгги йилларда эса бу икки қадимий шаҳар нафақат фавворалари, балки бир қатор нодир археологик топилмалари, хусусан, деярли бутун ҳолатда сақланиб қолган ҳайкаллари билан ҳам халқаро археология оламининг эътиборини тортмоқда.

Рим цивилизациясининг муҳим шаҳарларидан бири Кибйрадир. Шаҳар меъморчилигининг диққатга сазовор жиҳати шундаки, ундаги иншоотлар бир-бирининг манзарасини тўсмаслиги ҳисобга олиниб, симметрик тарзда жойлаштирилган.

Кибйра тарихини ёритишда сўнгги археологик топилмалар алоҳида аҳамиятга эга. 2025 йилда шаҳарнинг пропилонида (монументал кириш дарвозаси ҳудуди) олиб борилган қазишмалар чоғида император Ҳадрианга оид икки ҳайкал топилди. Деярли бутун ҳолатда сақланиб қолган ушбу ҳайкаллар Рим даври тарихини ўрганишда муҳим археологик манба сифатида баҳоланмоқда.

Кибйрада Онадўлининг энг маҳобатли стадионларидан бири жойлашган. Тахминан 10 минг томошабинга мўлжалланган бу улкан иншоотда бир замонлар афсонавий гладиатор жанглари ўтказилган. Сўнгги йилларда стадионнинг учта кириш равоғи, шунингдек, унинг шарқий томошабинлар қисмида жойлашган эллинистик даврга оид монументал мақбара қайта тикланди. Бундан ташқари, археологлар стадионнинг шимолий девори яқинидан қадимий ғалаба рамзи тропаион тасвирланган релефни ҳам аниқладилар.

Рим империяси даврида Писидия минтақасининг етакчи шаҳарларидан бири бўлган Сагалассосда ҳам муҳим топилмалар аниқланди. 2025 йилда шаҳардаги театр ҳудудидан чўпон ҳассаси ва эчки териси билан тасвирланган ёш йигит ҳайкали топилди. Боши ва бир қўлидан ташқари деярли барча қисмлари сақланиб қолган ҳайкал Пан худосини тасвирлаши тахмин қилинмоқда. Шунингдек, Жануби-шарқий кўча бўйлаб жойлашган ёдгорликда Артемида, Арес ва Аполлон тасвирланган баланд релефлар ҳам аниқланди.

Туркиянинг ҳайкалтарошлик мероси янги топилмалар билан бойимоқда

Анталиядаги қадимий Аспендос шаҳри ҳам сўнгги археологик кашфиётлар билан эътибор марказида. “Келажак учун мерос” лойиҳаси доирасида олиб борилган қазишмалар пайтида табобат худоси Асклепий ҳамда унинг ўғли ва ёрдамчиси, шифо тимсоли Телесфор тасвирланган 2,20 метр баландликдаги мармар ҳайкаллар гуруҳи топилди. Деярли тўлиқ сақланиб қолган ушбу топилма Аспендосда саломатлик ва шифо билан боғлиқ эътиқодларнинг тутган ўрни ҳақида муҳим маълумот беради. Милодий II асрнинг сўнгги чорагига оид деб баҳоланаётган ҳайкаллар гуруҳи ўша давр ҳайкалтарошлик санъатининг ўзига хос хусусиятларини ҳам яққол намоён этади.

Аспендос Рим давридан қолган улкан ва яхши сақланган театри билан ҳам машҳур. Ёз ойларида “Тунги музейлар” лойиҳаси доирасида қадимий шаҳар махсус ёритилиб, ташриф буюрувчилар учун кечки пайтларда ҳам очиқ бўлади.

Маниса вилоятидаги ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий Сардис шаҳри Лидия подшолигининг пойтахти ҳамда “Ваҳий китоби”да тилга олинган етти черковдан бири жойлашган маскан сифатида танилган. Шаҳардан милоддан аввалги V асрнинг биринчи ярмига оид ёш йигит ҳайкали аниқланди. Икки бўлак ҳолида топилган, аммо ниҳоятда яхши сақланган ушбу улкан ҳайкал яқин вақт ичида Маниса музейида сайёҳлар эътиборига ҳавола этилади. Баландлиги 2,2 метр бўлган мармар ҳайкал ўзининг ўлчами, яхши сақлангани ва Лидия маданиятига хос кийим деталлари орқали ўша давр санъати ҳамда ижтимоий ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар беради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: