Кунига 15 дақиқа китоб ўқиганларга пул берилади

Кунига 15 дақиқа китоб ўқиганларга пул берилади

Сингапур ҳукумати ижтимоий тармоқларга қарамликни камайтиришнинг ноодатий усулини ўйлаб топди. Эндиликда кунига камида 15 дақиқа китоб ўқиган фуқаролар молиявий мукофот олади. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Давлат дастури сентябрь ойида бошланган бўлиб, аҳолида мунтазам китоб ўқиш одатини шакллантиришга қаратилган. Молиявий мукофот олиш учун фуқаро кунига камида 15 дақиқасини китоб ўқишга бағишлаши кифоя. Бундай сеанс учун 20 та виртуал танга берилади. 1 000 та танга тўплангач, уларни 1 Сингапур долларига (тахминан 9 200 сўм) алмаштириш мумкин. Бунда кунига фақат битта ўқиш сеанси ҳисобга олинади.

Натижалар ҳукуматнинг веб сайти орқали қайд этиб борилади. Расмийлар бу ташаббусни янгиликлар ва ижтимоий тармоқлардаги ленталарни тинимсиз варақлашга муқобил сифатида кўрмоқда.

“Биз контент, ахборот ва турли таъсирлар ҳаддан ташқари кўп бўлган дунёда яшаяпмиз. Исталган вақтда юзлаб сарлавҳаларни кўздан кечиришимиз, видео томоша қилишимиз ёки деярли ҳар қандай нарсанинг қисқача мазмунини билиб олишимиз мумкин”, деди Миллий кутубхона кенгаши раҳбари Мелисса Там.

Ташаббус Сингапур ҳукуматининг ижтимоий тармоқларнинг, айниқса, ёшларга салбий таъсирини камайтириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларининг бир қисмига айланди. Мамлакатда ижтимоий платформалардан фойдаланиш учун кунлик вақт чекловини жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: