Туркия Макка алянси доирасида Саудия Арабистонига ҳарбий ёрдам кўрсатишга тайёр

Туркия Макка алянси доирасида Саудия Арабистонига ҳарбий ёрдам кўрсатишга тайёр

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Яман ҳусийларининг ҳужумлари сабаб Саудия Арабистонида ҳарбий эҳтиёжлар юзага келиши мумкинлиги ва Анқара уларни қондиришга тайёрлигини айтди.

«Биз Саудия Арабистонининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига жуда жиддий ҳужумлар бўлаётганини кўряпмиз. Бизнинг пактимизда иттифоқчилик келишуви мавжуд. Биз бу масалада бирдаммиз. Уларнинг маълум ҳарбий эҳтиёжлари бўлиши мумкин, айниқса, баъзи техник масалалар бўйича. Уларни қондириш биз учун қийинчилик туғдирмайди», — деди Туркия ТИВ раҳбари.

Фиданнинг сўзларига кўра, гап Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон август ойида имзолаган Макка қўшма мудофаа битими доирасидаги иттифоқчилик мажбуриятларини бажариш ҳақида кетмоқда. Ҳужжатга кўра, уч давлатдан бирига қуролли ҳужум уюштирилиши уларнинг барчасига қилинган ҳужум сифатида баҳоланади. Бироқ шартномада ҳарбий жавоб беришнинг аниқ механизмлари батафсил кўрсатилмаган.

Шу билан бирга, Фидан Саудия Арабистонини АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушга жалб этиш мумкин эмаслигини таъкидлади. У Ар-Риёд бу можаронинг иштирокчиси бўлишни истамаслиги, Туркия эса томонларга жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича янги таклифлар етказганини айтди.

Аввалроқ Макка алянси аъзоси бўлган Покистон ҳусийларнинг Саудия Арабистонига ҳужумларини қоралган ва мудофаа шартномаси бўйича мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини билдирганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: