Каллас Европадан Украинага Patriot ракеталарини беришни сўрайди
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ЕИ давлатларидан Украинага Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун ракеталар беришни сўраши мумкин.
Politico нашри ёзишича, Каллас АҚШдан янги ракета етказиб бериш бошлангунига қадар Европа давлатларини Киевга мавжуд ракеталардан беришга чақириши кутилмоқда. Бу ҳақда юқори мартабали европалик амалдорга таяниб хабар берилган.
Масала Украинада ҳаво мудофааси ракеталари танқислиги кучайгани ҳақидаги баёнотлар фонида муҳокама қилинмоқда. Украина расмийлари, хусусан, баллистик ракеталарга қарши ҳимоя воситалари етишмаётганини билдирган.
Каллас, шунингдек, ЕИ давлатларидан Яқин Шарқда савдо кемаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган Aspides миссияси учун қўшимча ҳарбий кемалар ажратишни сўраши мумкин.
Айни пайтда Ғарб давлатларининг ўзида ҳам Patriot ракеталари захираси чеклангани ҳақида хабарлар бор. Шу сабабли Европа давлатлари Киевга мавжуд ракеталарни бериш ёки ўз захираларини сақлаб қолиш масаласи олдида турибди.
Россия эса Ғарбнинг Украинага қурол етказиб беришини танқид қилиб келади. Москва бундай ёрдам можарони тинч йўл билан ҳал қилишга тўсқинлик қилаётганини ва НАТО давлатларининг можарога жалб этилиш хавфини ошираётганини таъкидлайди.
