Эфиопия Мисрни фуқаролик урушига аралашишда айблади

Эфиопия Мисрни фуқаролик урушига аралашишда айблади

Эфиопия армияси Бош штаби раҳбари фельдмаршал Бирхану Жула Миср ва Суданни бош вазир Абий Аҳмад ҳукуматига қарши курашаётган қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблади.
Унинг таъкидлашича, ушбу гуруҳлар хориждан қўллаб-қувватлов, маблағ ва таъминот олмаса, ҳукуматни ағдаришга эриша олмайди. Жула Эритреяни ҳам хорижий ҳомийлар билан Эфиопиядаги қуролли гуруҳлар ўртасида воситачи бўлишда айблади. Бироқ у айбловларини тасдиқловчи далилларни келтирмади.

Яқинда тузилган қуролли альянс таркибига еттита гуруҳ, жумладан Тиграй халқ озодлик фронти, Оромо озодлик армияси ва «Фано» амҳара ҳаракати кирган. Улар Абий Аҳмад ҳукуматини тугатиш ва ўтиш даври маъмуриятини шакллантириш ниятида эканини билдирган.

Айбловлар Эфиопия шимолида қуролли тўқнашувлар қайта кучайган бир пайтда янгради. Тиграй кучлари аэропортларни эгаллагани ва Амҳара ҳамда Афар ҳудудларида федерал қўшинлар билан тўқнашувлар бўлаётгани хабар қилинмоқда.

Миср томони эса Эфиопия ҳарбийларининг айбловларини рад этди. Қоҳирадаги манба Мисрнинг Эфиопиядаги қуролли гуруҳларга алоқаси йўқлигини билдириб, Аддис-Абебани ички муаммолар учун ташқи кучларни айбламасликка чақирди.

Мисрлик эксперт Самир Рагеб ҳам Эфиопия ҳарбий раҳбарининг баёнотларини тахминларга асосланган даъволар деб атади. Унинг фикрича, Тиграйдаги можаро асосан ҳокимият ва ресурслар учун давом этаётган ички кураш билан боғлиқ.

Эфиопия ва Миср ўртасидаги муносабатлар Нил дарёсида қурилаётган «Буюк Эфиопия Уйғониш тўғони» (GERD) масаласи сабаб ҳам кескинлашган. Қоҳира тўғоннинг Нил сув оқимига таъсиридан хавотир билдирса, Аддис-Абеба тўғон қурилишини ўзининг суверен ҳуқуқи деб ҳисоблайди.

Шу боис Тиграйдаги можаро ва Нил сувлари бўйича низо икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мураккаблаштирмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: