Тоқаев Қозоғистон армиясини ислоҳ қилишни буюрди

Тоқаев Қозоғистон армиясини ислоҳ қилишни буюрди

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Мангистау вилоятидаги ҳарбий машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлиши ортидан армияда кенг қамровли ислоҳот ўтказишни буюрди.
Тоқаев Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан йиғилишда янги мудофаа вазири Айдос Мырзахметовни таништирди ва 10 кун ичида ҳарбий ислоҳот режасини тайёрлаш вазифасини қўйди.

Президент ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини ошириш, армиянинг жанговар шайлигини кучайтириш ва ҳарбий тайёргарлик сифатини яхшилашни талаб қилди. Шунингдек, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, қурол-яроғ ва ҳарбий инфратузилмани модернизация қилиш вазифалари белгиланди.

Тоқаев армияни рақамли технологияларга ўтказиш ҳамда ҳарбий бошқарув тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади. У машғулотлардаги фожиа учун масъул мансабдорларнинг жавобгарлигини аниқлашни ҳам топширди.

Мудофаа вазирлигида ўтказиладиган комплекс текширув ҳарбий хизматни ташкил этиш, таъминот, моддий-техник ва молиявий таъминот масалаларини қамраб олади.

Маълумотларга кўра, машғулотлар вақтида Каспий денгизига 17 нафар қозоғистонлик ҳарбий хизматчи оқиб кетган. Уларнинг уч нафари қутқарилган, 14 нафари ҳалок бўлган.

Фожиа муносабати билан мамлакатда расмий мотам эълон қилинган. Ҳодисадан сўнг Мудофаа вазирлиги фаолияти бўйича аудит текшируви ҳам бошланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: