Эронда олий раҳбар алмашиши кутилмоқда
АҚШ билан уруш расман якунланганидан сўнг Эронда олий раҳбар алмашиши кутилмоқда. Бу ҳақда Iran Wire сайти Эрон элитаси ичидаги турли фракциялар билан боғлиқ икки нафар «яхши хабардор манба»га таяниб хабар бермоқда.
Манбаларга кўра, сиёсий раҳбариятнинг деярли барча вакиллари ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг деярли барча қўмондонлари олий раҳбар Можтаба Хоманаийнинг яшириниб, деярли ҳеч ким билан учрашмаётган ҳозирги ҳолатини узоқ вақт давом эттириб бўлмайди, деган фикрда. Кўпчилик раҳбар номидан келаётган буйруқлар уларга ўзгаришсиз етиб келаётганига шубҳа қила бошлаган.
Манбаларнинг айтишича, Можтаба Хоманаий «турли сабабларга кўра, асосан жисмоний ҳолати туфайли, олий раҳбарнинг барча вазифаларини бажара олмаяпти». Шу сабабли АҚШ билан келишув тузилганидан кейин олий раҳбарни сайлаш учун янги сайлов ўтказилиши мумкин.
Бу Можтаба Хоманаийнинг саломатлиги ёмон экани ҳақидаги миш-мишларни Эрон режими ичидаги манбалардан чиққан, гарчи аноним бўлса-да, деярли биринчи тасдиқлашлардан бири ҳисобланади.
Олий раҳбарни лаёқатли ва нуфузли уламога алмаштириш сценарийига АҚШга нисбатан муросасиз муносабатда бўлган радикал доиралар қарши чиқмоқда. Улар Ғарб билан сақланиб қолаётган зиддиятдан молиявий манфаат ҳам кўради. Улар мамлакатда амалда ҳақиқий раҳбарнинг йўқлигидан манфаатдор.
Улар орасида ҳозирги «Басиж» раҳбари, 2009–2022 йилларда эса КИР разведка хизмати директори бўлган Ҳусайн Тойиб алоҳида ажралиб туради.
Шу муносабат билан айрим радикал қарашдаги ОАВлар Тойиб Эрон президенти лавозимига тайинланиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Бундай вариант унга мос келиши мумкин эди: у амалда давлат раҳбарига айланиб, лаёқатсиз Хоманаий номидан мамлакатни бошқарар эди.
