Германия ва яна бешта ЕИ давлати етти йиллик бюджетни юзлаб миллиард еврога қисқартиришни талаб қилди

Германия ва яна бешта ЕИ давлати етти йиллик бюджетни юзлаб миллиард еврога қисқартиришни талаб қилди

Германия, Австрия, Швеция, Финляндия, Нидерландия ва Дания Европа Комиссияси томонидан 2028–2034 йилларга таклиф қилинган Европа Иттифоқи бюджетини бир неча юз миллиард еврога қисқартиришни талаб қилди. Олти давлатнинг қўшма позициясида айтилишича, қарийб 2 триллион евролик бюджет лойиҳаси ЕИ мамлакатларининг ўзларида давлат харажатлари қисқараётган бир пайтда ҳаддан ташқари катта.

«Комиссия таклифини бир неча юз миллиард еврога қисқартириш керак. Бюджетнинг барча йўналишлари тежамкорликка ўз ҳиссасини қўшиши лозим», — дейилади ҳукуматлар баёнотида.

Европа Комиссияси қарийб 2 триллион евролик бюджетни таклиф қилмоқда. Бу ЕИнинг умумий ялпи миллий даромадининг тахминан 1,26 фоизига тенг. Берлин аввал бюджетни тахминан 400 миллиард еврога қисқартириш мумкинлигини билдирган эди.

Шу билан бирга, олти давлат барча харажатларни бир хил миқдорда қисқартиришни таклиф қилмаяпти. Улар мудофаа, рақобатбардошлик, инновациялар ва миграцияга кўпроқ маблағ йўналтиришни, анъанавий харажатларнинг айрим турларини, жумладан қишлоқ хўжалиги ва минтақавий дастурларга ажратиладиган маблағларни қисқартиришни хоҳламоқда.

ЕИнинг октябрь ойидаги саммити олдидан музокаралар ҳал қилувчи босқичга кирмоқда. Кўп йиллик бюджетни тасдиқлаш учун ЕИнинг барча 27 давлати розилиги талаб қилинади. Шунинг учун бюджетга соф ҳисса қўшувчи олти йирик давлатнинг позицияси уларга ҳозирги вариантни блоклаш имконини беради.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: