Яманда ҳусийларга қарши умумий сафарбарлик эълон қилинди

Яманда ҳусийларга қарши умумий сафарбарлик эълон қилинди

Яман Вакиллар палатаси (парламент) онлайн мажлисда Яман Президентлик кенгаши етакчиси Рашад ал-Алимий томонидан ҳусийларга қарши курашиш учун умумий сафарбарлик эълон қилиш бўйича киритилган илтимосномани маъқуллади.

Қайд этилишича, ушбу чора эълон қилинган вақтдан эътиборан кучга киради ва уни қабул қилишга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар амал қилади. Парламент баёнотига кўра, қарор умумий сафарбарликни тартибга солувчи Яман Конституциясининг 37-моддасига, шунингдек миллий мудофаа, фавқулодда чоралар ва фуқаро муҳофазасига оид бошқа конституциявий ва ҳуқуқий қоидаларга асосланган.

Шу билан бирга, парламент Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб давлатлари коалициясини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ҳамда миллий бирликка ҳамда сиёсий кучлар ҳаракатларини мувофиқлаштиришга чақирди.

Маълумот учун, 2014 йилнинг сентябр ойида исёнчи ҳусийлар Яман пойтахти Сана шаҳрини эгаллаб олган. Шундан сўнг, мамлакатда иккита ҳокимият маркази шаклланди: халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукумат асосан мамлакат жануби ва шарқини, ҳусийлар эса пойтахт Сана ҳамда шимол ва ғарбнинг катта қисмини назорат қилмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: