Аргентина инвестиция эвазига фуқаролик бермоқчи
Аргентина ҳукумати хорижликларга инвестиция эвазига мамлакат фуқаролигини олиш имконини берувчи янги дастурни ишга туширмоқчи. Аризаларни қабул қилиш 2026 йилнинг тўртинчи чорагида бошланиши режалаштирилган.
Reuters маълумотига кўра, дастурда иштирок этишнинг икки варианти бор.
Биринчи вариант — давлат хазинасига 350 минг доллар миқдорида қайтарилмайдиган маблағ киритиш.
Иккинчи вариант — 800 минг долларлик махсус давлат облигациясини сотиб олиш. У инвесторга даромад келтириши мумкин.
Дастурдан инвесторнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳам фойдаланиши мумкин. Турмуш ўртоғи ёки 25 ёшгача бўлган фарзанд учун қўшимча 100 минг доллар, вояга етмаган фарзандлар учун эса 25 минг доллар тўлов белгиланган.
Шундай қилиб, икки нафар 18 ёшга тўлмаган фарзанди бор тўрт кишилик оила 500 минг доллар инвестиция орқали Аргентина фуқаролигига даъво қилиши мумкин.
Аргентина ҳукумати дастур орқали хорижий капитални жалб қилиш ва мамлакат молиявий ҳолатини мустаҳкамлашни мақсад қилган. Шу билан бирга, расмийлар пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши халқаро стандартларга риоя этилишини билдирган.
