Нидерландия TikTok ёрдамида ёшларни армияга жалб қилмоқчи

Нидерландия TikTok ёрдамида ёшларни армияга жалб қилмоқчи

Нидерландия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизмат ҳақидаги ёлғон маълумотларга қарши курашиш ва армияга янги аскарларни жалб қилиш учун TikTok’дан фойдаланмоқчи. Аммо ҳукумат TikTok’ни хизмат телефонларига ўрнатишни тақиқлагани учун вазирлик ҳозирча иловадан фойдалана олмаяпти, деб хабар берди Algemeen Dagblad (AD) газетаси.

Парламентдаги муҳокамалар чоғида Нидерландия мудофаа вазирининг ўринбосари Дерк Босвейк вазирлик янги ижтимоий тармоқларда, жумладан, TikTok’да ҳам фаолият бошламоқчи эканини маълум қилган. Идоранинг ушбу платформага қизиқишига унинг ёшлар орасида машҳурлиги сабаб бўлган.

TikTok ёрдамида вазирлик бир йиллик ҳарбий хизматга кирган ёшлар дарҳол Украинага юборилиши ҳақидаги ёлғон хабарларга қарши курашмоқчи. Босвейк бундай маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган.

2023 йилда Нидерландия ҳукумати TikTok орқали жосуслик қилиниши мумкинлигидан хавотирланиб, давлат хизматчиларига иловани хизмат телефонларига ўрнатишни тақиқлаганди. Бу чеклов Мудофаа вазирлигига ҳам татбиқ этилган.

Ҳозир вазирликларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари TikTok’дан фойдаланиш масаласини муҳокама қилмоқда. Улар Амстердам шаҳар ҳокимияти тажрибасини ҳам кузатмоқда. Шаҳар маъмурияти ўтган йил охирида 15–18 ёшли ўсмирлар билан мулоқот қилиш учун TikTok’даги фаолиятини қайта бошлаган эди.

Бош вазир девони вакилининг тушунтиришича, давлат хизматчиларига TikTok’дан фойдаланишга рухсат берилса, улар учун алоҳида телефон ажратилиши керак бўлади. Бу телефонга фақат TikTok ўрнатилиши ва у ҳукуматнинг ички тармоғига уланмаслиги шарт.

Шунга ўхшаш усулдан “Озодлик ва демократия учун халқ партияси” ҳамда “Демократлар-66” сиёсий партиялари аллақачон фойдалана бошлаган. Улар ёшлар эътиборини жалб қилиш мақсадида TikTok’даги фаолиятини қайта тиклаган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: