«Бу бизнинг давлатимизга нисбатан ҳақорат, сиёсий провокация…»

«Бу бизнинг давлатимизга нисбатан ҳақорат, сиёсий провокация…»

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси Марказий Қўмитаси бўлим бошлиғи Ким Ё Жонг Жанубий Кореянинг тиббий ёрдам кўрсатиш таклифини кескин қоралади. У Сеулнинг Пхенянга тиббий асбоб-ускуналар юбориш ниятини “провокация ва ҳақорат” деб баҳолади.

Бир кун олдин Жанубий Корея ОАВ Сеул КХДРдаги касалхонага 6,75 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар хайрия қилмоқчилигини ёзган эди. Ушбу ускуналар санкциялар рўйхатига киргани боис, Жанубий Корея БМТга мурожаат қилган.

Май ойида Сеул тўққиз ойлик муддатга рухсат олинган эди. Ускуналар Хитой орқали етказилиши ва бу Пхеньян томонидан маъқулланиши керак эди.

“Баёнотда Жанубий Корея кимнингдир дори-дармон ва тиббий жиҳозлар тақчиллиги ҳамда соғлиқни сақлаш аҳволининг оғирлашуви ҳақида гапириб, заиф қатламлар учун муҳим тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашни исташини эълон қилди. Бу бизнинг давлатимизга нисбатан ҳақорат, сиёсий провокация ва миллий қонунларимизни бузган ҳолда суверенитетимизга қилинган жиддий тажовуздир”, деди Ким Ё Жонг.

У Сеулнинг бу ишини сиёсий ҳисоб-китобга асосланган “масхарабозлик” деб атади. Унинг фикрича, Сеул бу ёрдамни рад этиши муқаррар бўлган КХДР фонида ўзини ижобий кўрсатмоқчи бўлган.

Ким Ё Жонг ускуналар етказилиши ҳақидаги хабарлар демилитаризациялашган ҳудуддаги портлаш ҳодисасидан кейин чиққанига урғу берди.

У Сеулнинг ҳар қандай қадамлари, хоҳ очиқдан-очиқ душманона, хоҳ “эзгулик” ниқоби остида бўлсин, Пхенянга қарши чақириқ, жиддий провокация ва унинг суверенитетига тажовуз сифатида баҳоланишидан огоҳлантирди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: