Парижда Франциянинг энг қадимги бозорларидан бири ёнғинда вайрон бўлди
Франция пойтахти Париждаги тарихий «Марше-де-занфан-руж» бозори 12 октябрь кечаси содир бўлган ёнғин оқибатида жиддий зарар кўрди. Ёнғин тахминан 1 минг квадрат метр майдонни қамраб олган. Ҳодиса сабаби ҳозирча маълум эмас.
«Ле Монд» нашри хабар беришича, ёнғинни ўчириш учун қарийб 150 нафар қутқарувчи ва 50 та махсус техника жалб этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган. Мутахассислар ёнғин келиб чиқиш сабабларини ўрганмоқда.
1615 йилда, Людовик XIII ҳукмронлиги даврида Парижнинг Маре туманида ташкил этилган мазкур бозор шаҳарнинг энг қадимги ёпиқ бозори ҳисобланади. Унинг номи яқин атрофда жойлашган, қизил кийим кийган етим болалар яшаган муассаса билан боғлиқ.
