Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида сел келиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида сел келиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди

 

 

Вилоят ФВБ маълумотига кўра, 2026 йил 13 октябр куни соат 17:30 ларда туманнинг тоғли ҳудудларида қисқа муддатли кучли ёмғир ёққан. Оқибатда «Қўнғирот» маҳалласидаги Шакарбулоқ қишлоғига сел келган.

 

Маълум қилинишича, йўлдан адашган Damas автомобили ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳи йўналишни аниқлаш мақсадида сел оқими ўтадиган ҳудудда тўхтаган. Автомобил сирпаниб, сел ўзанидаги чуқурроқ жойга тушиб кетган.

 

Шундан сўнг ҳайдовчи машинадан тушиб, телефон орқали боғланишга уринган ва ҳамроҳини сел келаётганидан огоҳлантирган. Бироқ сел оқими автомобил ва унинг ичида қолган йўловчини оқизиб кетган.

 

Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида йўловчининг жасади топилган.

 

Ҳодиса жойига туман ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар бўлими ва ички ишлар органлари масъуллари жалб этилган.

 

Фавқулодда вазиятлар хизмати аҳолини тоғли ҳудудларда кучли ёмғир пайтида эҳтиёт бўлишга, сел оқими ўтиши мумкин бўлган жойларда тўхтамасликка ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: