Германия Украинага ёрдам учун қарийб 100 миллиард евро сарфлади
Германия Украинада «мақбул тинчлик» ўрнатилгунига қадар, бунинг учун йиллар ва миллиардлаб евро талаб этилса ҳам, Киевни қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль FAZ нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам Украинага кўрсатилаётган ёрдам ижтимоий дастурлар ва таълим соҳасига ажратиладиган маблағларни камайтирмаётганини таъкидлади.
«Украинага йўналтирилган бирорта ҳам евро мамлакатимиздаги ижтимоий харажатлар ва таълим учун ажратиладиган маблағлардан олинмаяпти», — деди Мерц.
Киль жаҳон иқтисодиёти институти маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан буён Германия Украинани қўллаб-қувватлаш ва уруш оқибатларини бартараф этиш учун қарийб 100 миллиард евро сарфлаган ёки ажратиш мажбуриятини олган.
Ушбу маблағларнинг тақсимоти қуйидагича:
41,7 миллиард евро — бевосита Украинага йўналтирилган.
35,9 миллиард евро — Германия ҳудудида, асосан украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун сарфланган.
22 миллиард евро — келгусидаги ҳарбий ёрдам учун ажратилиши режалаштирилган.
Бироқ Мерцнинг баёноти фақат қисман ҳақиқатга мос келади. 2025 йил март ойида давлат қарз олиш қоидалари ўзгартирилганидан сўнг, Германия мудофаа харажатлари ва Украинага ёрдамни бошқа бюджет йўналишларини қисқартирмасдан, қўшимча кредитлар ҳисобидан молиялаштириш имкониятига эга бўлди.
Шу билан бирга, ушбу қарзларнинг фоизларини тўлаш барибир давлат бюджетига юк бўлиб тушади.
«Ҳар қандай қарз олиш фоиз тўловларини келтириб чиқаради ва бу бюджетга қўшимча юк бўлади», — деди иқтисодчи Тобиас Хенце BILD нашрига берган изоҳида.
