Санкт-Петербургдаги Ozon логистика марказига дрон ҳужум қилди
18 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган Ozon компанияси логистика марказларидан бири учувчисиз учиш аппарати ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида объект ҳудудида ёнғин келиб чиққан, жабрланганлар йўқ.
Бу ҳақда компания матбуот хизмати ўзининг Telegram каналида хабар берди.
Ozon маълумотига кўра, ҳужумдан сўнг логистика марказидаги барча ходимлар зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.
«Биз барча ходимларни тезкорлик билан эвакуация қилдик. Ҳеч ким жабрланмади. Ҳудудда ёнғин келиб чиққан, айни пайтда воқеа жойида фавқулодда хизматлар иш олиб бормоқда», — дейилади компания баёнотида.
Ҳозирда ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар ходимлари ишлашда давом этмоқда. Ёнғин кўлами ва объектга етказилган зарар ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
