Латиф Каримов мероси Хивада ўтказилган «Гиламлар жилоси» II Халқаро гилам кўргазма-фестивалида намойиш этилди

Латиф Каримов мероси Хивада ўтказилган «Гиламлар жилоси» II Халқаро гилам кўргазма-фестивалида намойиш этилди

Ўзбекистон Республикасининг Хоразм вилоятидаги қадимий Хива шаҳрида жойлашган «Арда Хива» мажмуасида «Гиламлар жилоси» II Халқаро гилам кўргазма-фестивали бўлиб ўтди. Мазкур тадбирнинг асосий мақсади минг йиллик тарихга эга гиламдўзлик анъаналарини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш, миллий нақшларнинг рамзий маъно-мазмуни ҳамда уларнинг замонавий дизайн билан уйғунлигини кенг жамоатчиликка намойиш этишдан иборат бўлди. Фестивалда Озарбайжон билан бир қаторда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Эрон, Тожикистон ва Афғонистондан ташриф буюрган ҳунармандлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этиб, ўз мамлакатларининг гиламдўзлик санъатига оид ноёб намуналарини намойиш этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ҳузуридаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Акиф Марифли Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги абадий дўстлик ҳамда стратегик шериклик муносабатларига тўхталиб, ушбу алоқаларни янада мустаҳкамлашда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. У гиламдўзлик санъати ҳар икки халқнинг бой маданий меросида муҳим ўрин эгаллашини қайд этиб, асрлар давомида шаклланган ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ушбу бебаҳо меросни асраб-авайлаш, ривожлантириш ҳамда келажак авлодларга етказишда бундай халқаро маданий тадбирларнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, Акиф Марифли 2026 йилда Озарбайжон гиламдўзлик санъатининг атоқли намояндаси, таниқли гиламчи-рассом ва санъатшунос олим Латиф Каримов таваллудининг 120 йиллиги нишонланаётганини таъкидлаб, буюк санъаткорнинг Озарбайжон гиламдўзлик мактабларини илмий асосда ўрганиш, миллий гиламчилик анъаналарини ривожлантириш ва тарғиб этишга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритди. У Латиф Каримовнинг бой илмий-ижодий мероси нафақат Озарбайжон, балки туркий халқларнинг умумий маданий-бадиий мероси нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Фестиваль доирасида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази томонидан ташкил этилган «Латиф Каримов — Озарбайжон гилам санъатининг буюк устаси» номли кўргазма намойиш этилди. Экспозициядан Озарбайжоннинг Қорабоғ, Ширвон, Ганжа, Қазах, Иравон, Дарбанд, Табриз ва Қуба гиламдўзлик мактабларига мансуб намуналар ўрин олди.

Кўргазма давомида ташриф буюрувчиларга Латиф Каримовнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, унинг Озарбайжон гиламдўзлик санъатини илмий жиҳатдан ўрганиш ва ривожлантиришдаги хизматлари, шунингдек, Озарбайжон гиламчилик мактабларининг ўзига хос бадиий-эстетик хусусиятлари, нақш ва безак тизими ҳамда тарихий анъаналари ҳақида батафсил маълумот берилди. Намойиш этилган гилам намуналари маҳаллий аҳоли ва Хива шаҳри меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: