Эронга янги ҳужум тайёрланяптими? Яқин Шарқда вазият кескинлашмоқда

Эронга янги ҳужум тайёрланяптими? Яқин Шарқда вазият кескинлашмоқда

Яқин Шарқда ҳарбий кескинлик кучайиб бораётгани, Исроил ва АҚШ минтақада эҳтимолий тўқнашувларга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Тарқатилган маълумотларга кўра, Исроил Мудофаа кучлари мамлакат шимолида ҳаво мудофаа тизимларини мустаҳкамламоқда. Хусусан, «Темир гумбаз» мажмуаси учун мўлжалланган «Tamir» ракеталари юк машиналарида ташилаётгани акс этган суратлар пайдо бўлган.

Шунингдек, Исроил қирувчи самолётлари Ироқ ва Сурия ҳаво ҳудудида фаол ҳаракатланаётгани айтилмоқда. Айрим манбалар бу ҳаракатлар Эронни жавоб зарбасига ундаш ва унга қарши янги ҳарбий амалиётларни бошлаш учун баҳона яратишга қаратилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Бундан ташқари, Қатар, Иордания, Саудия Арабистони ва Баҳрайндаги АҚШ дипломатик ваколатхоналари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари эвакуация қилинаётгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган. Айрим ҳарбий базалар ва элчихоналарда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилгани иддао қилинмоқда.

Форс кўрфази, Ироқ ва Сурия атрофида ҳарбий фаоллик ортиши минтақада кенг кўламли тўқнашув эҳтимоли ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

Айрим таҳлилчилар Эронга қарши янги зарбалар кутилганидан эртароқ амалга оширилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Эрон ҳам эҳтимолий ҳужумларга қарши мудофаа чораларини кучайтираётгани айтилмоқда.

Исроил ОАВга нисбат берилган хабарларда янги ҳарбий тўқнашув аввалги қарама-қаршиликларга нисбатан анча вайронкор ва қонли кечиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Бироқ дипломатлар эвакуацияси, Эронга ҳужум режалари ва Исроил самолётларининг мақсадлари ҳақидаги иддаолар ҳозирча мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: