Исроил мухолифати Нетаньяҳуга янги хавфсизлик доктринаси учун танбеҳ берди
Исроил мухолифати бош вазир Биньямин Нетаньяҳу тақдим этган миллий хавфсизлик доктринасини кескин танқид қилди. Мухолифат вакиллари ҳужжатни ҳукуматнинг сайловлар олдидан хавфсизлик соҳасидаги муваффақиятсизликларини яширишга қаратилган қуруқ шиорлар тўплами деб атади.
Янгиланган хавфсизлик стратегиясининг 10 та тамойилини ўз ичига олган уч саҳифалик ҳужжат 18 октябрь куни, парламент сайловларига тўққиз кун қолганида эълон қилинган.
Мухолифат етакчиси Яир Лапид доктринани «юзаки» ва «ғалати» деб атаб, уни сунъий интеллект чатботининг бепул версияси ёзган матнга қиёслади.
Исроил армияси Бош штаби собиқ раҳбари, «Яшар» партияси етакчиси Гади Айзенкот эса ҳужжатни «шиорлар билан тўлдирилган бўш саҳифалар» деб таърифлади.
Унинг фикрича, Нетаньяҳу мамлакатни «стратегик бўшлиқ» ҳолатида қолдирган ва сайловчилар эътиборини хавфсизлик соҳасидаги муваффақиятсизликлардан чалғитишга уринмоқда.
Янги доктрина нималарни назарда тутади?
Нетаньяҳу тақдим этган стратегия таҳдидларни жиловлашдан олдиндан зарба беришга ўтиш, ҳарбий устунликни мустаҳкамлаш ва Исроил чегаралари бўйлаб буфер зоналар ташкил этишни назарда тутади. Бироқ ҳужжатда бундай зоналар айнан қайси ҳудудларда ташкил этилиши мумкинлиги аниқ кўрсатилмаган.
Доктринада асосий таҳдидлар сифатида Эрон, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати, Ямандаги ҳусийлар, юқори аниқликдаги ракеталар, учувчисиз учиш аппаратлари ва киберҳужумлар қайд этилган.
Шунингдек, миллий мудофаа саноатини ривожлантириш, хориждан қурол-яроғ етказиб берилишига қарамликни камайтириш ҳамда сунъий интеллект, квант технологиялари ва космик соҳага сармоя киритиш режалаштирилган.
Ҳужжатнинг алоҳида бандида Нетаньяҳу «Исроил ери» деб атайдиган ҳудудларда яҳудийлар манзилгоҳларини кенгайтиришни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган.
Доктрина тақдимоти вақтида бош вазир минтақавий таҳдидлар ва иттифоқлар акс эттирилган хариталарни ҳам кўрсатган. Улардан бирида Туркия, Саудия Арабистони, Миср ва Покистон «Сунний олмос альянси» номи остида бирлаштирилган. Бироқ ҳужжатда ушбу давлатлар ўртасида расмий ҳарбий иттифоқ мавжудлиги тасдиқланмаган.
Мухолифат хавфсизликдаги камчиликларни текширишни талаб қилмоқда
Мухолифат Нетаньяҳуни 2023 йил октябрида ҲАМАСнинг ҳужумидан олдин Исроил хавфсизлик кучлари йўл қўйган камчиликларни текширишдан бош тортаётганликда ҳам айблади.
Айзенкот бош вазирнинг ҳарбий муваффақиятлар ҳақидаги баёнотларига шубҳа билдириб, ҲАМАС Ғазода қуролли тузилмаларини сақлаб қолаётганини, «Ҳизбуллоҳ» эса Ливанда ўз имкониятларини қайта тиклаётганини таъкидлади.
Унинг ваъда беришича, мухолифат ҳокимиятга келган тақдирда, янги миллий хавфсизлик стратегияси 150 кун ичида ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.
