Уиткофф Путин билан учрашувдан сўнг Норвегияга қайтди

Уиткофф Путин билан учрашувдан сўнг Норвегияга қайтди

Россия, АҚШ ва Украина вакиллари ноябрь ойи ўрталарида яна музокара столига ўтириши кутилмоқда. Бу ҳақда Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашувдан кейин маълум қилди.

NRK хабарига кўра, томонлар урушни якунлаш йўллари ва можародан кейинги хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилиш учун юқори даражадаги уч томонлама учрашувни ташкил этишга келишган.

Стёре ва Уиткофф ўртасидаги мулоқот 21 октябрь куни Осло аэропортида бўлиб ўтди ва бир соатдан кўпроқ давом этди. АҚШ вакили бунга қадар Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин билан қарийб уч соат музокара олиб борган эди.

Уиткофф X ижтимоий тармоғида Осло ва Санкт-Петербургдаги учрашувларни самарали деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, дипломатик жараён АҚШ, Россия ва Украина иштирокида техник даражада давом эттирилади.

Норвегия ҳукумати раҳбари янги учрашув ноябрь ўрталарида, АҚШдаги оралиқ сайловлардан кейин ўтказилиши мумкинлигини билдирди. Бироқ музокараларнинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: