Фаластинликлар Ғазодан Европага кўчириладими?

Фаластинликлар Ғазодан Европага кўчириладими?

Исроиллик вазир фаластинликларни Ғазодан Европага кўчириш режасини қўллаб-қувватлади.

Исроиль миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир бутун Ғазо секторини эгаллаб олиш ва у ерда яшовчи фаластинликларни чиқариб юборишга чақирди. Jerusalem Post нашрига берган интервьюсида у Дональд Трампнинг анклав аҳолисини кўчириш ғоясини маъқуллаб, Европа мамлакатлари, жумладан Франция ва Буюк Британияни уларни қабул қилувчи асосий йўналишлар сифатида тилга олди.

Бен-Гвирнинг таъкидлашича, Ғазони тарк этишни хоҳловчи фаластинликларга хорижда яхши яшаш шароитлари таъминланиши лозим. Шу билан бирга, у Ғазони ўз ватани деб биладиган ва кетишни истамайдиганларнинг ушбу ҳудуд билан боғлиқлигини инкор этиб, ХАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумини эслатиб ўтди.

Аввалроқ вазир сунъий интеллект ёрдамида яратилган ва унда Ғазо аҳолисининг Парижга кўчиб ўтаётгани акс этган видеоларни эълон қилган эди. У, шунингдек, анклавни бомбардимон қилиш ва нишонли қотилликларни амалга ошириш тарафдори сифатида бир неча бор чиқиш қилган.

Бен-Гвир Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг ҳукмрон коалициясига кирувчи ультраўнг «Оцма Йехудит» партиясига раҳбарлик қилади. 27 октябрдаги парламент сайловлари олдидан у кейинги ҳукуматда мудофаа вазири лавозимини эгаллашга ҳаракат қилмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: