АҚШдаги демократларнинг ғалабаси Нетаньяхуга босимни кучайтирадими?
Исроил мухолифати бош вазирни Вашингтонда мамлакатнинг икки партиявий қўллаб-қувватланишини сусайтирганликда айбламоқда. Ўз коалицияси парламентда кўпчилик ўринни бой берган сайловлардан сўнг Нетаньяху ҳокимиятни йўқотиш хавфи остида қолди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг сиёсий рақиблари АҚШдаги оралиқ сайловларда демократлар эришган ғалабани Исроил ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви билан боғлади. Улар ҳукумат раҳбарининг сиёсати Америка Конгрессида Исроил учун анъанавий бўлган икки партиявий қўллаб-қувватлашни издан чиқарганини таъкидлаб, унинг иштирокисиз янги ҳукумат тузишга чақирдилар.
3 ноябрдаги сайловларда демократлар АҚШ Сенати ва Вакиллар палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритди. Исроил мухолифати уларнинг бу муваффақиятини Нетаньяхунинг республикачиларга ва президент Дональд Трампга тиккан ставкаси мамлакатнинг Америкадаги ҳар иккала партия билан алоқаларини заифлаштирганининг исботи деб ҳисобламоқда.
«Демократлар» партияси етакчиси Яир Голан АҚШдаги овоз бериш натижалари Нетаньяхунинг ҳам демократлар, ҳам республикачилар орасидаги қўллаб-қувватлашни қанчалик бой берганини кўрсатиб турганини айтди. Марказчи «Еш Атид» партияси раҳбари Яир Лапид эса Нетаньяхунинг ҳокимиятда қолиши мамлакат хавфсизлиги, демократияси ва халқаро позицияларига таҳдид солаётгани сабабли Исроил бунга бошқа йўл қўя олмаслигини таъкидлади.
Бош вазир лавозимига даъвогарлик қилаётган собиқ Бош штаб бошлиғи Гади Айзенкот Вашингтон билан муносабатларни қайта тиклашга ва уларнинг икки партиявий асосини мустаҳкамлашга ваъда берди.
Ғазодаги уруш ва Эронга қарши ўтказилган қўшма Америка-Исроил ҳарбий операцияси фонида Исроил ва АҚШ муносабатлари ёмонлашди. Исроилга берилаётган ҳарбий ёрдамнинг танқид қилиниши Конгрессга сайловларда бир қатор демократ номзодларнинг асосий аргументларидан бирига айланди.
Трампнинг ўзи 3 ноябрь — овоз бериш кунида 2026 йилдан кейин Исроилга ажратиладиган йиллик қарийб 4 миллиард долларлик молиялаштиришни тўхтатиш ниятида эканини маълум қилди. Америка президентининг сўзларига кўра, бу демократларни унинг маъмуриятини танқид қилиш учун асосий аргументлардан биридан маҳрум этади.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, демократларнинг Конгресс устидан назорати парламент эшитувлари, терговлар ва бюджет қарорлари орқали Исроилга бўлган босимни кучайтириши мумкин. Шу билан бирга, ташқи сиёсат соҳасидаги асосий ваколатлар АҚШ президентида сақланиб қолади.
Исроилнинг кейинги ҳукуматини ким бошқариши ҳозирча аниқ эмас. Агар Нетаньяху ҳам, Айзенкот ҳам парламентда кўпчиликни тўплай олмаса, мамлакатда янги сайловлар тайинланиши мумкин.
