Хитойда ёввойи пандалар сони 1900 тага етди
Хитойда пандаларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш борасида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Айни пайтда мамлакатда тутқунликда сақланаётган пандалар сони 830 тага етган. Шунингдек, махсус экологик дастурлар туфайли ёввойи пандалар популяцияси ҳам ортиб бормоқда.
Бу ҳақда 3 ноябрь куни бўлиб ўтган Global Panda Partners 2026 конференциясида маълум қилинди.
Халқаро дастурлар доирасида ҳозиргача Хитойдан хорижий мамлакатларга 69 та панда юборилган. Ҳамкорлик натижасида бошқа давлатларда 73 та панда боласи дунёга келган. Бугунги кунда пандаларни кўпайтириш ва муҳофаза қилиш бўйича 20 та давлатдаги 26 та муассаса билан ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Хитойда пандалар яшайдиган ҳудудларни сақлаб қолиш учун ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, махсус экологик коридорлар барпо этилиб, илгари бошқа популяциялардан ажралиб қолган 13 та панданинг умумий гуруҳга қўшилишига шароит яратилди. Тадқиқотчилар ушбу йўлакларда пандалар ва бошқа ҳайвонларнинг 150 дан ортиқ ҳаракатланиш ҳолатини қайд этган.
2021 йилда ташкил этилган Пандалар миллий парки ҳам табиатни муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Паркнинг Сичуан қисми қарийб 19,3 минг квадрат километр майдонни эгаллайди. Ушбу ҳудудда 1227 та ёввойи панда яшайди. Сўнгги беш йилда 22,6 минг гектардан ортиқ пандалар яшаш муҳити қайта тикланган.
Шунингдек, табиатга зарар етказувчи фаолиятни чеклаш мақсадида 200 та кончилик лицензияси бекор қилинган. Ёпилиши режалаштирилган 281 та кичик гидроэлектр станциясидан 270 таси фаолияти тўхтатилган.
Расмий маълумотларга кўра, Хитойда ёввойи пандалар сони 1980-йиллардаги 1100 тадан ҳозирги кунда 1900 тага етган.
Муҳофаза дастурлари бошқа камёб турларга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Сичуан ҳудудида сўнгги беш йилда ўсимликларнинг 14 та янги тури, шунингдек, амфибиялар ва рептилияларнинг иккита янги тури аниқланган. Қоплонлар тарқалган ҳудудлар кенгайиб, олтинранг маймунлар популяцияси ҳам барқарор сақланмоқда.
Ҳозирда пандалар АҚШ ва Франция каби мамлакатларда ҳам парвариш қилинмоқда. Хитой Испания ва Бельгия билан ҳам пандаларни кўпайтириш бўйича махсус дастурларни амалга оширмоқда. Мазкур ҳамкорлик илмий тадқиқотлар, ҳайвонларни парваришлаш ва касалликларни даволаш соҳаларини қамраб олади.
Шу тариқа, Хитойда пандаларни муҳофаза қилиш бўйича миллий ва халқаро дастурлар нафақат ушбу ноёб ҳайвонлар сонини кўпайтириш, балки бутун экотизимни асраб-авайлашга ҳам хизмат қилмоқда.
