АҚШ Хитойдан Эрон билан урушни тўхтатишда ёрдам сўради: Теҳрон икки кунда тинчликка тайёр
АҚШ маъмурияти Хитойдан Эрон билан давом этаётган урушни тўхтатишда воситачилик қилишни сўради. «The Washington Post» нашрининг хабар беришича, Вашингтон Теҳронга таъсир ўтказиш учун Пекиннинг ёрдамига таянмоқда.
Маълумотларга кўра, АҚШ молия вазири Скотт Бессент президент Дональд Трамп кўмагида Хитой раҳбариятига тегишли мурожаат юборган. Пекин бу хабарни аллақачон Теҳронга етказгани тахмин қилинмоқда. Эрон масаласи 18 ноябрь куни Хитойда бўлиб ўтадиган Дональд Трамп ва Си Цзиньпин учрашувининг асосий мавзуларидан бири бўлиши кутилмоқда. Баъзи манбаларга кўра, ушбу музокараларда Россия президенти Владимир Путин ҳам иштирок этиши мумкин.
Ўз навбатида, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи Теҳрон ўз шартлари бажарилган тақдирда можарони бор-йўғи икки кун ичида ҳал қилишга тайёрлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, музокараларнинг асосини сентябрь ойида тақдим этилган етти банддан иборат режа ташкил этади. Бироқ Эрон томони агар АҚШ зарбалари давом этса, кескин ҳарбий жавоб қайтарилишидан огоҳлантирган. Қатар эса Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги воситачилик музокаралари муваффақиятсиз тугагани ҳақидаги хабарларни рад этди.
