Airbus самолёти ҳавода узлуксиз бўлиш давомийлиги бўйича жаҳон рекордини ўрнатди

Airbus самолёти ҳавода узлуксиз бўлиш давомийлиги бўйича жаҳон рекордини ўрнатди

Airbus йўловчи самолёти қўнмасдан ҳавода бўлиш давомийлиги бўйича жаҳон рекордини ўрнатди. Ҳаво кемаси 24 соатдан ортиқ вақт давомида парвозни амалга оширди.

Бу ҳақда Гиннесснинг жаҳон рекордлари китоби расмий сайтида маълум қилинди.

Самолёт 24 соат 24 дақиқа давомида 23 100 километр масофани босиб ўтди. Парвоз 2026 йил 27–28 июль кунлари амалга оширилган. Ҳаво кемаси Австралиянинг Мельбурн шаҳридан учиб чиқиб, Франциянинг Тулуза шаҳрига қўнган. Бир сутка давомида у Тинч океани, Шимолий Америка, Атлантика океани ва Буюк Британия устидан учиб ўтган.

Маълум қилинишича, йўловчилар самолёт бортида икки марта қуёш чиқиши ва икки марта қуёш ботишига гувоҳ бўлишган. Бунга қадар энг узоқ давом этган тўхтовсиз парвоз Singapore Airlines авиакомпаниясининг Сингапур — Нью-Йорк йўналиши бўлиб, у 18 соатдан ортиқ давом этган.

Қайд этилишича, Airbus самолётининг мазкур парвози синов мақсадида амалга оширилган. Ҳаво кемаси бортида фақат учувчилар ва муҳандислардан иборат 13 нафар киши бўлган.

Самолёт Австралиянинг Qantas авиакомпанияси учун махсус ишлаб чиқилган. Унга қўшимча 20 минг литрлик ёқилғи баки ўрнатилиши натижасида 22 соатгача давом этадиган парвозларни амалга ошириш имкони яратилади.

Оддий йўловчилар учун бундай рейслар 2027 йилдан бошлаб йўлга қўйилиши кутилмоқда. Жумладан, октябрь ойида Сиднейдан Лондонга тўғридан-тўғри парвозлар бошланади. 2028 йил ўрталаридан эса Сидней — Нью-Йорк йўналиши бўйича ҳам тўхтовсиз рейслар амалга оширилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: