Ироқ нефтни Сурия орқали цистерналарда ташимоқда
Ироқ Ҳормуз бўғозида кемалар ҳаракати чеклангани сабаб нефтни Сурия орқали қуруқликдан экспорт қилишни бошлади. Мазкур йўналишдан ўнлаб йиллар давомида фойдаланилмаган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Басра шаҳри яқинидаги нефтни сақлаш омбори олдида юзлаб цистерналар навбатда турибди. Улар нефтни саҳро орқали Суриянинг Банияс портига етказади. Ташиш харажатлари юқори бўлишига қарамай, Суриядаги узоқ йиллик можаро якунлангани сабабли бу йўналиш яна долзарб бўлиб қолди.
“Қатарнинг UCC Ҳолдинг энергетика холдинги октябрь ойидан бери Ироқ нефтини Баниясга ташимоқда”, деди Басра Оил Company давлат компанияси бош директори Бассем Абдул Карим.
Унинг сўзларига кўра, холдинг СОМО давлат экспорт компанияси билан тузилган шартнома доирасида кунига 120 мингдан 150 минг баррелгача нефть ташимоқда.
“Биз нефтни Туба омборидан юклаб олиб, Банияс портига ташиймиз. Бориб келиш беш кунгача вақт олади”, дейди ҳайдовчилардан бири Исҳоқ Муҳаммад.
Битим кучга кирган 26 октябрдан буён UCC қарийб 1,6 миллион баррел нефть ташиган. Reuters танишиб чиққан ҳужжатга кўра, холдинг 14 октябрдан бошлаб уч ой давомида бир баррели учун 38 долларлик чегирма билан 5 миллиондан 14 миллион баррелгача оғир нефть юклаб олишни режалаштирган.
UCC нефтни Сурия орқали транзит қилиш хизмати учун ҳар бир баррелдан тахминан 12 доллар олади. Баниясдан эса нефть танкерлар орқали Ўрта денгиз бўйидаги нефтни қайта ишлаш заводларига, жумладан Греция, Италия ва Туркияга етказилади.
12 ноябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтонга энди Эрон билан келишув керак эмаслигини, чунки АҚШ “бўғозни ўз назоратига олганини” билдирди. Бундан икки кун олдин Эрон олий раҳнамосининг маслаҳатчиси Муҳсин Ризоий Теҳрон музокараларни қайта бошлаш ва Ҳормуз бўғозини очиш бўйича илгари сурилган етти шартга жавоб кутаётганини айтганди.
