Самарқандда ҳали туғилмаган фарзандини 85 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл судланди
Самарқанд шаҳрида ҳали туғилмаган фарзандини 85 минг АҚШ долларига сотишга уринган аёлга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Унга 7 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазо шартли деб белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг тегишли ҳукмига кўра, Х.Х. (шартли, – таҳр.) Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «в» банди билан айбли деб топилган.
Таҳририят танишган суд ҳужжатида қайд этилишича, уч нафар фарзанди бор, турмушидан ажрашган аёл 2025 йил ноябр ойида ҳомиладор бўлган. Кейинчалик у Telegram’даги «Суррогат она» гуруҳи орқали фарзанд кўриш истагида бўлган шахс билан танишган.
Мулоқотлар давомида Х.Х. ҳали туғилмаган фарзандини 85 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Харидор сифатида у билан мулоқот қилган шахс эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилган.
2026 йил 25 июл куни аёл Самарқанд шаҳридаги 1-сонли туғруқхонага ётқизилган. 29 июл куни эса у туғруқхонада чақалоқни сотиш учун пул олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.
Суд материалларига кўра, тезкор тадбир давомида 88 минг АҚШ доллари ишлатилган. Шундан 85 минг доллар болани сотиш бўйича келишилган маблағ, қолган 3 минг доллар эса бошқа харажатлар учун берилган. Ашёвий далиллар орасида ҳақиқий пуллар билан бирга махсус тайёрланган купюралар ҳам бўлган.
Судда айбланувчи қилмишидан пушаймонлигини билдириб, фарзандлари борлиги ва оилавий шароитини инобатга олишни сўраган.
Суд Х.Х.га 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бироқ Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан жазо шартли деб ҳисобланиб, 3 йиллик синов муддати белгиланган.
