Нетаньяху Эронга қарши ҳарбий амалиёт муқаррарлигини айтди
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Эронга қарши навбатдаги ҳарбий амалиётни ўтказиш муқаррар эканини билдирган.
Исроилнинг 13-телеканали хабар беришича, Нетаньяху 18 ноябрь куни кечқурун хавфсизлик масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказган.
«Эронга қарши амалиётдан қочиб бўлмайди», — дея бош вазирнинг сўзларини келтирган телеканал.
Шунингдек, исроиллик ҳарбий манбанинг маълум қилишича, Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) ва АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эронга қарши ҳарбий амалиёт бўйича ўзаро келишилган ва тасдиқланган режаларга эга.
«Масала фақат муддатда. Биз Дональд Трампнинг кейинги ҳаракатлар бўйича қарор қабул қилишини кутяпмиз», — деган манба.
Бундан ташқари, Исроилнинг 12-телеканали 18 ноябрь куни ЦАХАЛ Бош штаби бошлиғи Эяль Замир ва «Моссад» разведка хизмати раҳбари Роман Гофман CENTCOM қўмондони Брэд Купер билан учрашганини хабар қилди.
Купернинг Исроилга ташрифи доирасида ўтказилган музокараларда минтақадаги вазият, умумий хавфсизлик таҳдидлари ва икки мамлакат армиялари ўртасидаги стратегик ҳамда оператив ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинган.
