Қрим татарлари ўз автоном республикасини ташкил этишга тайёргарлик кўрмоқда

Қрим татарлари ўз автоном республикасини ташкил этишга тайёргарлик кўрмоқда

Қрим-татар халқи етакчиси ва Украина Олий Радаси депутати Мустафо Жамилев Киев билан автономияга оид барча масалалар бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Унинг айтишича, уруш тугаганидан сўнг депортация қилинган юз минглаб қрим татарлари тарихий ватанига қайтиши мумкин.
Мустафо Жамилев Қрим автоном республикасини ташкил этишга тайёргарлик ишлари якунланганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳукумати қрим-татар вакиллари билан бўлажак автоном бошқарув тизимига оид барча асосий масалаларни келишиб олган.

«Ҳозир уруш давом этмоқда. Ҳарбий ҳолат туфайли Конституцияга ўзгартириш киритиш имкони йўқ. Бироқ автономия билан боғлиқ барча масалалар бўйича келишувга эришдик. Бу қрим татарларининг ўз автоном давлати ҳам бўлади», — деди Жамилев Туркиянинг Türkiye газетасига берган интервьюсида.

У Қрим Украина назоратига қайтарилганидан кейин депортацияга учраган юз минглаб қрим татарлари тарихий ватанига қайтиб, ўз байроғи остида яшаш имкониятига эга бўлишидан умид билдирди.

Жамилев, шунингдек, можарони тўлиқ ва барқарор ҳал этиш фақат Қримни ҳам қўшган ҳолда Украинанинг барча ҳудудлари қайтарилиши орқали мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, эҳтимолий сулҳ фақат вақтинчалик танаффус бўлиб, томонларга ҳарбий ҳаракатларнинг янги босқичига тайёргарлик кўриш имконини бериши мумкин.

Қримнинг бутун Қора денгиз минтақаси хавфсизлиги учун стратегик аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлаган Жамилев, зарурат туғилса, сургундаги республика эълон қилиниши мумкинлигини истисно этмади.

Бироқ унинг таъкидлашича, қрим татарларининг асосий мақсади — ўз тарихий ватанига қайтиш.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: