Украинага катта миқдорда молиявий ёрдам талаб этилмоқда
Агар Россия билан уруш яқин вақт ичида тугамаса, Украинага Ғарб ҳамкорларидан яна катта миқдорда молиявий ёрдам талаб этилади. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
«“Истак билдирганлар коалицияси”га кирувчи барча давлат ва ҳукумат раҳбарлари гап ҳақиқатан ҳам жуда катта маблағ ҳақида бораётганини тушунишди», — деди Зеленский 19 ноябрь куни кечқурун Берлиндаги саммитдан сўнг Европа журналистлари билан суҳбатда.
Украина президентининг баҳолашича, мамлакатга фақат келаси йилнинг ўзида 115 миллиард евро маблағ керак бўлади.
Ушбу маблағнинг 45 миллиард евроси Европа Иттифоқи томонидан музлатилган Россия давлат активлари кафолати остида тақдим этиладиган кредит ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.
Европа комиссияси яна 45 миллиард евро маблағ жалб қилишни мақсад қилган.
Бироқ қолган 25 миллиард евро маблағ қандай манбалар ҳисобидан қопланиши ҳозирча номаълум.
«Пул ҳақида гапиришга мажбур бўлаётганимиздан афсусдаман. Аммо биз уруш ҳолатидамиз, шунинг учун талаб этилаётган маблағ миқдори жуда катта», — деди Зеленский.
