Трамп АҚШ банкротлик хавфига дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди
АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатнинг давлат қарзи билан боғлиқ вазият молиявий инқирозга олиб келиши мумкинлигини билдирди. У федерал ҳукуматнинг қарз олиш имкониятини чекловчи амалдаги тизимни бекор қилиш тарафдори эканини маълум қилди.
Fox News телеканалига берган интервьюсида Трамп Конгресс давлат қарзининг юқори чегараси масаласида келишувга эришмаса, Қўшма Штатлар банкротлик хавфига дуч келиши мумкинлигини таъкидлади.
АҚШ раҳбари бундай вазият мамлакат тарихида ҳали кузатилмаганини айтиб, давлат қарзи учун белгиланган қонуний чекловнинг ўзига қаршилигини билдирди.
Ҳозирда АҚШ федерал қарзининг юқори чегараси 41,1 триллион доллар этиб белгиланган. Октябрь ойи охирига келиб, мамлакатнинг умумий давлат қарзи 40,5 триллион доллардан ошган.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, амалдаги қарз лимитига 2027 йилнинг февраль ёки март ойларида етилиши мумкин. Агар Конгресс чекловни ўз вақтида оширмаса ёки тўхтатмаса, ҳукумат ўз молиявий мажбуриятларини бажаришда қийинчиликларга дуч келиши эҳтимоли бор.
