БМТ Исроилнинг Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатлари янада оғир жиноятларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

БМТ Исроилнинг Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатлари янада оғир жиноятларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Исроилнинг Ғазо сектори ва босиб олинган Ғарбий Соҳилда фаластинликларга нисбатан ҳаракатлари оқибатида оғир халқаро жиноятлар содир этилиши хавфи ортиб бораётганини билдирди. У халқаро ҳамжамиятни бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун зудлик билан чора кўришга чақирди.

Tasnim News хабарига кўра, Тюрк ўз баёнотида Фаластин ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бузилиши тобора кенг қамровли ва тизимли тус олаётганидан жиддий хавотир билдирган.

Унинг таъкидлашича, Исроилнинг давом этаётган ҳарбий ҳаракатлари, сиёсати ва расмий шахсларнинг баёнотлари Ғарбий Соҳилда аннексия, этник тозалаш ва жамоавий жазолаш хавфини кучайтирмоқда. БМТ вакили бундай ҳаракатлар уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар ва ҳатто геноцидга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Тюрк Ғазодаги вазиятга ҳам алоҳида тўхталиб, Исроил ҳаракатлари фаластинликларнинг алоҳида халқ сифатида мавжуд бўлишига жиддий таҳдид солаётганини айтган. Унинг қайд этишича, халқаро ҳамжамиятнинг аввалги огоҳлантиришларига қарамай, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва тинч аҳолига қарши жиноятлар давом этмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторининг тахминан 2,1 миллион аҳолиси оғир гуманитар шароитда, асосан чодирлар ва вақтинчалик бошпаналарда яшамоқда. Шу билан бирга, Исроил армияси минтақа ҳудудининг 60 фоиздан ортиғини назорат қилаётганини билдирган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Ғазода тинч аҳоли ўлими, аҳолининг кичик ҳудудга сиқиб чиқарилиши, чегара ўтказиш пунктларининг ёпилиши ва фуқаролик инфратузилмасининг вайрон қилиниши давом этаётганидан ҳам хавотир билдирган.

Ғарбий Соҳилда кўчириб юбориш ва аҳоли пунктлари қурилиши

Тюрк босиб олинган Ғарбий Соҳилда, жумладан, Шарқий Қуддусда ҳам фаластинликларга нисбатан босим кучаяётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ноқонуний аҳоли пунктлари кенгаймоқда, фаластинликлар эса ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқ ва шафқатсиз муомалага дуч келмоқда.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрда Ғазо уруши бошланганидан бери Ғарбий Соҳилда, жумладан, босиб олинган Шарқий Қуддусда 42 666 нафар фаластинлик Исроил кучлари ва кўчманчиларнинг ҳаракатлари туфайли ўз уйлари ҳамда яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлган.

Тюрк Исроил кўчманчиларининг ҳужумлари ва фаластинликлар яшайдиган ҳудудларни ўзгартиришга қаратилган ҳаракатларини қоралаган. Унинг фикрича, Ғарбий Соҳилни географик жиҳатдан бўлиб ташлашга қаратилган сиёсат келажакда ҳудудий яхлитликка эга Фаластин давлатини ташкил этиш имкониятини йўққа чиқариши мумкин.

БМТ вакили Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинлик тинч аҳоли ҳалок бўлаётгани, юз минглаб одамлар уй-жойини тарк этишга мажбур бўлганини қайд этган. Шунингдек, айрим юқори лавозимли Исроил расмийларининг баёнотлари аҳолини кўчиришни доимий тусга киритиш нияти борлигидан хавотир уйғотаётганини билдирган.

Тюрк Фаластин ҳудудларидаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юзасидан мустақил текширувлар ўтказиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш ва халқаро судлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: