Антибиотикларга чидамлилик туфайли 25 йилда 39 миллион киши вафот этиши мумкин
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари антибиотикларга чидамлилик муаммоси келгуси 25 йил ичида 39 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Бундай прогнозни ЖССТнинг микробларга қарши препаратларга чидамлилик бўлими директори Жан-Пьер Ньемази маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ташкилотга аъзо давлатлар 2030 йилга қадар антибиотикларга чидамлилик билан боғлиқ ўлимлар сонини 10 фоизга камайтиришни мақсад қилган. Бироқ ҳозирча инсоният бу борада нотўғри йўналишда ҳаракатланмоқда.
Гиссен университети тиббий микробиология институти директори, профессор Жан Имирзалиоглунинг айтишича, антибиотиклар самарадорлигини йўқотса, замонавий тиббиётни ҳозирги кўринишида сақлаб қолиш имконсиз бўлади. У антибиотиклардан имкони борича тежамкор ва фақат зарур ҳолатларда, мақсадли фойдаланишга чақирди.
Гельмгольц номидаги Ягона саломатлик институти ветеринари ва микробиологи Катарина Шауфлернинг таъкидлашича, антибиотикларга чидамли микроорганизмлар нафақат инсонларда, балки ҳайвонлар, оқова сувлар, ўғитлар ва қишлоқ хўжалиги экинларида ҳам аниқланмоқда.
Унинг сўзларига кўра, антибиотикларни меъёридан ортиқ истеъмол қилувчи одамлар чидамли қўзғатувчилар ташувчисига айланади. Улар ҳожатхона ва раковиналар орқали атроф-муҳитга, кейин эса денгизга тарқалиши мумкин. У ерда микроорганизмларни, масалан, ёввойи қушлар ҳам тарқатиши эҳтимоли бор.
Немис олимлари ушбу тарқалиш занжирини тадқиқотлар давомида кузатган. Мутахассислар баҳосига кўра, ветеринария соҳасида антибиотиклардан ортиқча фойдаланиш ҳам бугунги кунда мавжуд деярли барча антибиотикларга нисбатан чидамлилик шаклланишига олиб келган омиллардан бири бўлган.
