Мелания Трамп воситачилигида Украина оккупациядан 10 нафар болани қайтарди
Украина Россия босқини остидаги ҳудудлар ва Россиядан 9 нафар бола ҳамда болалар уйида тарбияланган бир нафар вояга етган шахсни қайтарди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский ва Олий Рада инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Дмитрий Лубинец маълум қилди.
Лубинецнинг сўзларига кўра, қайтарилган болалар вақтинча оккупация қилинган Херсон ва Запорожье вилоятлари, Қрим ҳамда Россия ҳудудида бўлган. Уларнинг айримлари ота-онасидан айрилган, бошқалари эса яқинларидан мажбуран ажратилган.
Қайтарилганлар орасида 16 ва 17 ёшли ака-ука ҳам бор. Уларнинг онаси Украина назоратидаги ҳудудга кўчиб ўтиш чоғида болаларини ўзи билан олиб кетишига отаси ва оккупация маъмурияти рухсат бермаган.
Ўсмирлардан бирининг соғлиғи жиддий муаммоларга эга: у деярли юра олмайди ва тиббий текширув ҳамда даволанишга муҳтож.
Қайтарилган яна бир бола — саккиз ёшли ўғил бола. У 2022 йилдан бери онасини кўрмаган. Аёл ҳуқуқий масалаларни ҳал қилиш учун Чернигов вилоятига кетганида ўғлини бувисининг қарамоғида қолдирган. Бироқ кенг кўламли уруш бошлангани сабабли фарзандининг олдига қайта олмаган.
«Ўғлим ҳозир саккиз ёшда. Уни охирги марта кўрганимда эса уч ярим ёшда эди», — деган аёл BBC мухбирига.
Омбудсманнинг маълум қилишича, боланинг бувиси уни Украина назоратидаги ҳудудга олиб келган. Энди она ва бола қайтадан бирлашган. Бувиси ҳам Украина назоратидаги ҳудудда қолишни режалаштирмоқда.
Зеленский ва Лубинец болаларни қайтаришдаги ёрдами ва воситачилиги учун АҚШ биринчи хоними Мелания Трампга миннатдорчилик билдирган.
Украина расмийлари маълумотларига кўра, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён депортация қилинган, мажбуран кўчирилган ёки оккупация ҳудудларида қолиб кетган жами 2875 нафар бола Украинага қайтарилган.
