Британияликларнинг 78 фоизи Исроилни тинчликка жиддий таҳдид деб ҳисоблайди
Буюк Британия аҳолисининг қарийб 80 фоизи Исроилни жаҳон тинчлигига жиддий таҳдид деб билади. Бу ҳақда Буюк Британия Миллий ижтимоий тадқиқотлар маркази (NatCen) ўтказган тадқиқот натижалари маълум қилди.
Сўнгги 21 йил давомида бундай фикрдаги британияликлар улуши 48 фоиздан 78 фоизгача ошган. Ушбу кўрсаткич бўйича Исроил Эрон (75 фоиз) ва АҚШдан (74 фоиз) ҳам юқори ўринда қайд этилган.
Тадқиқотга кўра, Исроилни тинчликка жиддий таҳдид деб ҳисоблайдиганлар улуши «Яшиллар» партияси тарафдорлари орасида 88 фоиз, Лейбористлар партияси тарафдорлари орасида 84 фоизни ташкил этган.
Консерваторлар тарафдорлари орасида бу кўрсаткич 70 фоиз, Reform UK партияси тарафдорлари орасида эса 62 фоиз бўлган.
NatCen ҳисоботида таъкидланишича, Яқин Шарқдаги сўнгги можаролар фонида Исроилнинг халқаро жамоатчилик олдидаги обрўси пасайган бўлиши мумкин.
Тадқиқот натижалари Британия жамоатчилигининг халқаро хавф-хатарларга муносабатидаги ўзгаришларни акс эттиради.
