Зангиотада янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
15 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида қурилаётган бинода ёнғин чиқди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Бу ҳақда Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 13:08 да Зангиота туманидаги «Эшонгузар» маҳалла фуқаролар йиғини, Амир Темур кўчасида жойлашган янги қурилаётган бинодан қора тутун чиқаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб борган. Ёнғин соат 13:18 да тўлиқ бартараф этилган.
Аниқланишича, бинонинг цоколь қисмида сақланаётган қурилиш материаллари, жумладан, пенопласт ёнган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
