Эстония 1 декабрдан Россия билан чегарасини ёпмоқчи
Эстония Россия билан чегарадаги барча назорат-ўтказиш пунктларини ёпади, деб маълум қилди мамлакат ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна.
«Эстония 1 декабрдан бошлаб Россия билан чегарадаги барча ўтказиш пунктларини ёпади», — деб ёзди у X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Цакхна ушбу чорани 14 ноябр куни тунда Эстония мудофаа компаниясига қарши амалга оширилган қўпорувчилик ҳужуми билан изоҳлади.
Вазирнинг қўшимча қилишича, у ўз қарори ҳақида Финландия, Латвия ва Литвадаги ҳамкасбларига маълум қилган.
Аввалроқ Эстония бош вазири Кристен Михал мамлакат Россия билан чегарани ёпиш эҳтимолига тайёргарлик кўраётганини билдирганди. Унинг сўзларига кўра, бу чоралар «аҳоли ва миллий хавфсизликка нисбатан хатарларни камайтириш» учун зарур.
Михалнинг таъкидлашича, 14 ноябр куни тунда Россия Бош разведка бошқармаси томонидан мудофаа саноатида фаолият юритувчи Threod Systems компаниясига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати уюштиришга уриниш бўлган. Эстония бош вазири бу воқеани Европага қарши олиб борилаётган «кенг кўламли ҳибрид уруш»нинг бир қисми деб атади.
Мамлакат бош прокурори Астрид Аси саккиз нафар Латвия фуқароси қўпорувчилик ҳаракатига алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинганини маълум қилди.
