АҚШ разведкаси Эронда 2500 тагача баллистик ракета бўлиши мумкинлигини маълум қилди
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Эрон ихтиёрида ҳозир ҳам 1500 тадан 2500 тагача баллистик ракета мавжуд бўлиши мумкин. Ҳарбий можаро қайта бошланган тақдирда, Теҳрон ушбу қуроллардан Яқин Шарқдаги Америка ҳарбий объектларига зарба бериш учун фойдаланиш имкониятига эга.
Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) нашри Вашингтондаги манбаларига таяниб хабар берди.
Газета суҳбатдошларининг таъкидлашича, келтирилган рақамлар тахминий ҳисобланади. Чунки Эроннинг ҳарбий захираларини қандай суръатда тиклаётганини аниқ кузатиб бориш қийин.
АҚШ ва Исроил томонидан Эроннинг қурол-яроғ ишлаб чиқариш объектларига зарбалар берилганига қарамай, мамлакат аввалдан тўпланган эҳтиёт қисмлар ва бутловчи компонентлар ҳисобига ракета захирасини босқичма-босқич тиклаётган бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Теҳрон ихтиёрида кўплаб учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда қисқа масофага мўлжалланган ракеталар мавжудлиги айтилмоқда.
WSJ маълумотига кўра, Исроил ҳарбийлари ҳам Эрон ҳозирда 1500 тадан ортиқ баллистик ракетага эга бўлиши мумкин, деган хулосага келган.
Нашрнинг таъкидлашича, Эроннинг ракета салоҳиятини қайта тиклаётгани ҳақидаги маълумотлар Оқ уй ва АҚШ президенти Дональд Трампнинг аввалги баёнотларига зид келмоқда.
Чунки Вашингтон расмийлари АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида Эроннинг ҳарбий салоҳияти бутунлай яксон қилинганини таъкидлаб келган.
Газета манбаларининг билдиришича, Эронда сақланиб қолган эҳтимолий ракета захиралари Теҳронга қарши ҳарбий амалиётларни қайта бошлаш масаласи муҳокама қилинган пайтда ҳам ҳисобга олинган.
Шу билан бирга, Эроннинг аниқ қанча баллистик ракетага эгалиги мустақил равишда тасдиқланмаган, келтирилган рақамлар эса разведка идораларининг тахминий баҳоларига асосланади.
