Прагада 450 минггача киши давлат оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш ислоҳотига қарши намойиш ўтказди

Прагада 450 минггача киши давлат оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш ислоҳотига қарши намойиш ўтказди

15 ноябрь куни Чехия пойтахти Прагада давлат оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш тартибини ўзгартириш режасига қарши йирик намойиш бўлиб ўтди. Ташкилотчилар маълумотига кўра, унда 350 мингдан 450 минг нафаргача одам иштирок этган.

Прага полицияси намойиш 1993 йилда мустақил Чехия Республикаси ташкил этилганидан буён мамлакатда ўтказилган энг йирик оммавий чиқиш бўлганини тасдиқлади. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокчиларнинг аниқ сонини маълум қилмади.

Норозиликларга бош вазир Андрей Бабиш ҳукумати таклиф қилган қонун лойиҳаси сабаб бўлди. Унга кўра, Чехия телевидениеси ва Чехия радиосини молиялаштириш учун аҳолидан ундириладиган мажбурий ойлик тўловлар бекор қилиниб, улар давлат бюджети ҳисобидан таъминланиши режалаштирилган.

Айни пайтда Чехияда хонадонлар жамоатчилик телерадио хизматларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар ой 205 чех кронаси, яъни тахминан 9,5 доллар тўлайди. Таклиф этилаётган ислоҳот эса давлат оммавий ахборот воситалари учун ажратиладиган маблағларни қарийб 15 фоизга қисқартиришни ҳам назарда тутади.

Қонун лойиҳасига қарши чиққанлар молиялаштиришнинг давлат бюджетига ўтказилиши таҳририятлар мустақиллигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Уларнинг фикрича, бу ҳукуматга оммавий ахборот воситаларига сиёсий босим ўтказиш имконини бериши мумкин.

Ҳукумат эса ОАВ устидан назорат ўрнатиш нияти борлиги ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Расмийлар ислоҳотни аҳолининг молиявий юкини камайтиришга қаратилган чора сифатида изоҳламоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: