Ангела Меркель фойдаланган собиқ ҳукумат самолёти қисмларидан эсдалик буюмлари тайёрланади
Австриянинг Aviation Upcycling компанияси Германия ҳукуматининг собиқ Airbus A340-300 «Конрад Аденауэр» самолёти ташқи қопламасидан эсдалик буюмлари ишлаб чиқаришни бошлади.
Ушбу самолётдан кўп йиллар давомида Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель, федерал президентлар, вазирлар ва ҳукумат делегациялари фойдаланган. Ҳаво кемаси Германия Федератив Республикасининг биринчи канцлери Конрад Аденауэр номи билан аталган.
Aircrafttag бренди остида самолётнинг асл алюминий қопламасидан калит учун брелоклар, багаж ёрлиқлари ва стакан тагликлари тайёрланмоқда. Бунда самолётнинг асл бўёқ қопламаси, юза тузилиши ҳамда фойдаланиш жараёнида пайдо бўлган излар сақлаб қолинади.
Брелокларнинг нархи рангига қараб 34 евродан 59 еврогача белгиланган.
Компания вакилларининг таъкидлашича, собиқ ҳукумат самолётини қайта ишлаш улар тарихидаги энг йирик лойиҳа ҳисобланади.
«Биз авиация тарихининг бир қисмини сақлаб қолиш ва уни коллекционерлар ҳамда авиация ишқибозлари учун очиқ қилишни истаймиз», — деди компания раҳбари Ральф Ванш.
Бироқ самолётнинг барча қисмлари эсдалик буюмларига айлантирилмайди. Фюзеляжнинг олд қисми, жумладан, учувчилар кабинаси ва ҳукумат делегациялари учун мўлжалланган салон Берлиннинг Гатов ҳудудида жойлашган Ҳарбий-тарихий музейга топширилади.
