Месси 2028 йилги Америка кубогида Аргентина терма жамоасига ёрдам бериши мумкин
Аргентина терма жамоаси билан халқаро фаолиятини якунлаган Лионель Месси 2028 йилги Америка кубогида миллий жамоа билан бирга бўлиши мумкин.
Motivaciones Fútbol нашрининг хабар беришича, 39 ёшли футболчининг қитъа биринчилигида иштирок этиши эҳтимоли муҳокама қилинмоқда. Бироқ бу сафар Месси майдонга футболчи сифатида тушмаслиги мумкин.
Манба маълумотига кўра, «Интер Майами» ҳужумчиси Аргентина терма жамоасининг ёш футболчиларига маслаҳат берадиган ва уларга тажрибасини улашадиган мутахассис вазифасини бажариши мумкин.
Мессидан ёш ўйинчиларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш, уларга халқаро мусобақаларда орттирган тажрибасини етказишда ёрдам бериш кутилмоқда.
Агар афсонавий футболчи бу таклифга розилик билдирса, унинг вазифаси Серхио Агуэронинг 2022 йилги жаҳон чемпионатидаги ролига ўхшаш бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Лионель Месси 2026 йилнинг октябрь ойида Аргентина терма жамоаси сафида хайрлашув учрашувини ўтказган эди.
Аргентина эса Америка кубогининг амалдаги ғолиби ҳисобланади. Лионель Скалони бошқараётган жамоа сўнгги икки қитъа чемпионатида зафар қучган.
2021 йилги финалда аргентиналиклар Бразилияни 1:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, 2024 йилги ҳал қилувчи баҳсда Колумбия устидан худди шу ҳисобда ғалаба қозонган.
Ҳозирча Мессининг 2028 йилги Америка кубогида қандай мақомда иштирок этиши бўйича расмий қарор эълон қилинмаган.
