Эрон Вашингтонга «ифлос бомба» ёрдамида ҳужум уюштириш режасини ишлаб чиқмоқда — CNN
АҚШ махсус хизматлари Эрон Дональд Трамп маъмуриятининг юқори лавозимли вакилларига қарши ҳужум сценарийларини ишлаб чиқаётгани ҳақида маълумот олган. Улардан бири Вашингтон шаҳрида радиоактив моддалар билан жиҳозланган портловчи қурилмани ишга туширишни назарда тутади. Бу ҳақда CNN телеканали АҚШнинг етти нафар расмийсига таяниб хабар берди.
Телеканал маълумотларига кўра, Эрон томони ҳужум учун муайян жойлар ва эҳтимолий нишонларни кўриб чиқмоқда. Шунингдек, АҚШ махсус хизматларида бомба тайёрлаш учун зарур материаллар аллақачон мамлакат ҳудудига олиб кирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Ўтган дам олиш кунлари Трамп маъмуриятининг бир қатор аъзолари, жумладан, Давлат котиби Марко Рубио ва Мудофаа вазири Пит Хегсет махсус қўриқланадиган жойларга кўчирилган. Дональд Трамп эса омма олдидаги чиқишлари сонини камайтирган.
Шу билан бирга, АҚШ разведкасида ҳозирча Теҳрон ҳужумни амалга ошириш бўйича бевосита буйруқ берганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.
Оқ уй вакиллари барча эҳтимолий таҳдидлар кузатиб борилаётганини маълум қилди. Бироқ ҳозирги вақтда мамлакат хавфсизлигига бевосита таҳдид мавжудлиги ҳақида маълумот йўқлигини таъкидлади.
Эроннинг БМТ ҳузуридаги ваколатхонаси ушбу айбловларни рад этди. Бироқ «ифлос бомба»дан эҳтимолий фойдаланиш ҳақидаги маълумотларга алоҳида изоҳ бермади.
