Ким Чен Ин Шимолий Кореядаги янги чанғи курортини кўздан кечирди
Шимолий Корея етакчиси айни пайтда қурилиши давом этаётган чанғи курортига ташриф буюрди. У ерда меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, хизмат хоналари ва ходимлар учун турар жойларни кўздан кечирди. Қурилиш сифати юқори баҳоланди, бироқ биноларни режалаштириш ва пардозлашда айрим камчиликлар борлиги кўрсатилиб, уларни бартараф этиш топширилди.
Чанги трассалари, ускуналар ҳолати ва мажмуанинг фойдаланишга тайёрлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Кўздан кечириш жараёни учун қор билан қопланган нишабликка ҳашаматли чарм кресло олиб чиқиб қўйилди.
Креслога ўрнашиб олган Ким Чен Ин қора кўзойнак тақди ва сигарета тутатди. Ташриф акс этган суратлар Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинди.
Ташриф давомида КХДР раҳбари аэропортни реконструкция қилиш ва кенгайтириш ишлари билан ҳам танишди, шунингдек, аэровокзал мажмуаси ва туристик ҳудуднинг темир йўл йўналишлари лойиҳаларини ўрганди.
