Нега ёшлар шахсий муаммоларини сунъий интеллект билан муҳокама қилмоқда?
Мюнхендаги JFF медиа педагогика институти олимлари ёшлар нима сабабдан шахсий муаммоларини сунъий интеллект чат-ботлари билан муҳокама қилишини ўрганди. Тадқиқот давомида 14–16 ёшли ўсмирлар ҳамда 24–28 ёшдаги ёшларнинг тажрибаси таҳлил қилинди.
Улар чат-ботлар билан муносабатларнинг узилиши, ота-она ва дўстлар билан низолар, ёлғизлик, ташқи кўриниш ҳамда ўзини баҳолаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.
Сўровда иштирок этган ёшларнинг айтишича, сунъий интеллект билан суҳбатлашганда суҳбатдошнинг ҳис-туйғуларини ҳисобга олиш шарт эмас. Шунингдек, улар машина томонидан танқид қилиниши ёки койилиши ҳақида хавотир олмайди.
«ChatGPT билан ўзимни эркинроқ тутишим, очиқроқ гаплашишим мумкин. Ахир у инсон эмас. ChatGPT мендан ҳеч нарса кутмайди», — дея тушунтирган тадқиқотнинг энг ёш иштирокчиларидан бири.
Шу билан бирга, сўровда қатнашганлар сунъий интеллект билан мулоқотнинг салбий жиҳатларини ҳам қайд этган. Улар орасида нотўғри ёки бузиб кўрсатилган жавоблар, шунингдек, чат-ботнинг фойдаланувчи фикрига ҳаддан ташқари қўшилишга мойиллиги бор.
Тадқиқот иштирокчиларидан бири, Миа исмли талаба (исми ўзгартирилган), чат-бот билан мулоқотни «стресс пайтида чекиладиган сигарета»га қиёслаган. Унинг фикрича, бундай суҳбат қисқа муддатга енгиллик бериши мумкин, аммо муаммонинг асл сабабини бартараф этмайди.
JFF тадқиқот бўлими раҳбари Нильс Брюгген ёшлар сунъий интеллект билан суҳбатдан нимани кутаётганини англаши ва олинган жавобларга танқидий ёндашиши муҳимлигини таъкидлайди.
Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари ёшлар учун уларни тинглай оладиган, саволлар берадиган, доимий алоқада бўладиган ва зарур ҳолларда мутахассисларга мурожаат қилишда ёрдам берадиган инсонлар билан мулоқот имкониятини таъминлаш муҳимлигини қайд этмоқда.
