Европа Трамп, Путин ва Си учрашувидан хавотирда: таъсир доиралари қайта тақсимланиши мумкин

Европа Трамп, Путин ва Си учрашувидан хавотирда: таъсир доиралари қайта тақсимланиши мумкин

АҚШ, Хитой ва Россия президентлари Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида илк бор уч томонлама форматда учрашди. Дональд Трамп, Си Цзинпин ва Владимир Путин ўртасидаги асосий музокаралар эртага, 19 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Бўлажак саммит Европада хавотир уйғотмоқда. Мутаxассислар учрашув давомида бошқа давлатларнинг манфаатлари ҳисобга олинмаган ҳолда келишувларга эришилиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Кузатувчилар бўлажак музокараларни 1945 йилда бўлиб ўтган Ялта конференцияси билан таққосламоқда. Ўшанда АҚШ, Буюк Британия ва СССР раҳбарлари урушдан кейинги Европа тартибини муҳокама қилган эди.

Владимир Путин, хусусан, Украинадаги урушни ҳал этиш жараёнида Европа давлатларининг иштирокини чеклаш ва Европа хавфсизлигининг келажакдаги архитектурасини Вашингтон ҳамда Пекин билан бевосита муҳокама қилишга интилмоқда.

«Биз бу учрашув таъсир доиралари қайта тақсимланадиган Ялта-2, Ялта-3 ёки Ялта-4 га айланишини мутлақо истамаймиз», — деди Украина президенти Владимир Зеленский.

Бўлажак учрашув Тайванда ҳам хавотир уйғотмоқда. Киев ва Европа давлатлари иштирокисиз Украина масаласида келишувларга эришилиши Пекин учун орол устидан назорат ўрнатиш масаласида муайян сигнал бўлиши мумкин.

Ўз навбатида, Дональд Трамп Эрон билан боғлиқ можарони ҳал этишда Россия ва Хитой кўмагига эга бўлишдан манфаатдор. Москва Теҳроннинг яқин ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда, Пекин эса Эрон нефтининг асосий харидорларидан бири ҳисобланади.

ЦРУнинг собиқ таҳлилчиси Жонатан Циннинг фикрича, мазкур саммит «дунёнинг энг йирик давлатлари халқаро тартибнинг келажагини бошқа мамлакатлар иштирокисиз белгилаши мумкинлиги» ҳақида хавотирли сигнал бермоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: